СУВ КОДЕКСИ МУҲОКАМАДА
2024-12-20 18:25:00 / Янгиликлар
Қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси мутахассислари, Сув хўжалиги вазирлиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарда Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланаётган Сув кодекси лойиҳасининг мазмун моҳияти, унда акс этаётган муҳим нормалар кўриб чиқилди.
Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Бутунбаевнинг таъкидлашича, Сув кодекси лойиҳасида бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда. Хусусан, мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришиш, глобал сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқларининг ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмасининг ва суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.
Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва экотизимни сув билан барқарор таъминлаш, сувни ифлосланиш, булғаланиш ва камайиб кетишидан муҳофаза қилишда замонавий усулларни қўллаш ва сувнинг зарарли таъсири олдини олиш ва уни бартараф этиш чораларини кўришга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида соҳадаги муносабатларни изчил ва тизимли ҳал этиш, сувдан фойдаланишда фуқаролар масъуллигини белгилаш, сувдан оқилона фойдаланишда зарур шарт-шароитлар яратиш, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг ўртасидаги муносабатларда шаффофликни таъминлашга алоҳида этибор қаратилмоқда.
Депутатлар атроф-муҳит учун сувдан фойдаланишнинг экологик хавфсиз даражасига эришиш ҳамда уни сақлаш, сув ресурсларини иқлим ўзгаришини инобатга олган ҳолда оқилона бошқариш ва уларнинг ҳисоботини юритиш, сув обйектлари муҳофаза зоналарини белгилаш, тоза ичимлик сув таъминотини йўлга қўйиш масалалари ҳам кодексда ўз аксини топиши лозимлигини билдирдилар.
Семинар якунида Сув кодекси лойиҳасини янада такомиллаштиришга келишиб олинди ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ахборот хизмати