ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ
2024-12-12 17:20:00 / Янгиликлар
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партия, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари қатнашди.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев мамлакатимиз ўз олдига қўйган стратегик ва жорий вазифаларни амалга оширишда, барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, ҳукумат ва унинг аъзолари зиммасидаги масъулият ҳозирги мураккаб замонда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётганлигини таъкидлади. Бу жараёнда очиқлик ва адолат асосий омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Давлат бошқарувида ва жамиятда шаффофликни таъминлаш, ахборотга эркин кириш имкониятини яратиш ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш очиқликнинг мавжудлигидан далолатдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат органлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш, қонунчилик фаолиятида фуқаролик жамияти институти вакилларининг иштироки ҳақида сўз юритди.
ЎзЛиДеп Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани кенгаши Сув хўжалиги вазирлигидан давлат ижтимоий буюртмасини олиш бўйича ташаббусли лойиҳа ишлаб чиқиб, тақдим қилган эди. Вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ушбу ташаббусли лойиҳани маъқуллади. Тадбирда иштирок этган ЎзЛиДеп Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари Мадиёр Хандаев бунинг учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича таклифларини айтди.
Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан нодавлат ножорат ташкилотлари учун бериладиган грантлар, бу борадаги танловларда иштирок этиш ҳақида маълумот берилди.
Очиқ мулоқот вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан ташкил этилди. Унда кенгаш раиси Лутфулла Мухаммадназаровнинг ҳисоботи эшитилди.
Сув хўжалиги вазири иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарди, фуқаролик жамияти институти вакилларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди.
Ахборот хизмати