ШВЕЙЦАРИЯ КОНФЕДЕРАЦИЯСИ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
2024-11-22 12:55:00 / Янгиликлар
Учрашувда жорий йил 3 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Сув хўжалиги вазирлиги ва Швейцария ҳукумати номидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ўртасида 2024–2027 йилларда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг III босқичини амалга ошириш тўғрисидаги битим доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, сув хўжалигида “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформасини яратиш бўйича техник топшириқ ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси томонидан экспертизадан ўтказилди. Шунингдек, Сув кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли муҳокамалардан сўнг Парламентга тақдим қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган “Сувчилар мактаби” қошидаги тажриба майдонларига сув ресурсларидан иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда фойдаланишни йўлга қўйиш учун 12 та автоматик агрометеостанция ўрнатилди. Сув тежайдиган технологияларни жорий қилишда ташаббускор фермер хўжаликлари ва технологияларни ишлаб чиқарувчи, қурувчи ташкилотларнинг таклифлари асосида “Томчи” мобиль иловаси такомиллаштирилди.
Яқинда вазирлик ва лойиҳа ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳамза бошқармалари ва бошқа йирик сув хўжалиги ташкилотлари раҳбалари учун малака ошириш курслари муваффақиятли ташкил қилинди.
Мулоқот чоғида томонлар “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг III босқичи доирасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш, трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан самарали фойдаланишда замонавий асбоб-ускуналарни кенг жорий этиш каби қатор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Учрашувда Швейцария элчиси ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун Ўзбекистон Ҳукумати ва вазирлик раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирди.
Ахборот хизмати