СУВ КОДЕКСИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2024-08-06 11:15:00 / Янгиликлар
Сув кодекси лойиҳаси
Ҳозирги вақтда сув ресурсларини бошқариш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатлар 10 га яқин қонунлар — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, жами 20 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда.
Ушбу ҳужжатлар сув муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга асос солган бўлса-да, соҳадаги муносабатларни изчил ва тизимли ҳал этадиган, сув қонунчилигининг ягона мувофиқлаштирилган тизимини шакллантиришни етарли даражада таъминлай олмади. Жумладан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга кўплаб киритилган ўзгартиришлар ва қонуности ҳужжатлари нормаларининг такрорланишини ва ҳуқуқий тартибга солишдаги мавжуд камчиликларни бартараф этмади.
Шу боис Сув кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. У сув ва сувдан фойдаланиш соҳасида яхлит ҳуқуқий ҳужжат бўлади.
Сув кодекси лойиҳасида бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда. Жумладан, сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ва функцияларига аниқлик киритиляпти. Қолаверса, сувни етказиб бериш хизмати учун тўловлар сув етказиб бериш харажатларини қоплаши ҳамда сув етказиб берувчининг рентабеллигини таъминлаши зарурлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари белгилаб берилиб, сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартлари соддалаштирилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан сув фонди ерлари, шу жумладан табиий сув манбалари ҳудудлари (дарёлар, сойлар, жилғалар, кўллар, ботқоқликлар ва булоқлар) Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий тизим ташкилотларининг балансига ўтказилиши ҳам таклиф этилмоқда.
Хорижий тажриба ўрганилди
Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ва Осиё Тараққиёт Банки халқаро экспертлари ва мутахассислари жалб қилинди.
Сув кодексини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи сифатида хорижий мамлакатлар, айниқса, табиий ва ижтимоий-иқтисодий шароитлари, ҳуқуқий тизимлари ўхшаш бўлган мамлакатларда сув муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш тажрибаси ўрганилди.
Жумладан, Қозоғистон Республикаси Сув кодекси (2003 й), Қирғизистон Республикаси Сув кодекси (2005 й), Россия Федерацияси Сув кодекси (2006 й), Тожикистон Республикаси Сув кодекси (2020 й), Туркманистон Сув кодекси (2019 й), Хитой Халқ Республикаси Сув тўғрисидаги қонуни (2002 й), Арманистон Республикаси Сув кодекси (2002 й), Беларус Республикаси Сув кодекси (2014 й)да белгиланган норма ва қоидалар таҳлил қилинди. Ўзбекистон ҳуқуқий тизимининг роман-герман ҳуқуқига яқинлигини ҳисобга олиб, Франция, Германия ва Эстония давлатларининг сув қонунчилиги ҳам ўрганиб чиқилди.
2006 йилда қабул қилинган МДҲнинг Моделли сув кодексига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳужжат сувдан барқарор фойдаланиш ҳамда сув объектлари ва ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган сув сиёсатининг асосий тамойилларини белгилайди.
Шунингдек, сув муносабатларини тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатига қараб, бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳам кўриб чиқилди. Масалан, ҳавзавий ташкилотларнинг роли ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқалари (Франция тажрибаси), СИУлар ва кластерлар билан сув ресурсларини бошқариш (Туркия тажрибаси), ирригация тизимини модернизация қилиш орқали сув тақсимоти ва тежаш масалалари бўйича (Исроил ва Австралия тажрибаси), қурғоқчиликка ва сув ресурслари мавжудлигининг ўзгарувчанлигига қарши кураш (Испания тажрибаси), айланма иқтисодиёт - оқова сувларни қайта ишлатиш (Иордания, Испания, Исроил тажрибаси), атроф-муҳитни муҳофаза қилиш (Австралия, Жанубий Африка ва Европа Иттифоқи тажрибаси) кабилар эътиборга олинди.
Ишлаб чиқилган Сув кодекси лойиҳаси 11 та бўлим, 34 та боб ва 200 та моддадан иборат бўлиб, унда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарорларидаги нормалар бирлаштирилган.
Ҳужжат такомиллаштирилади
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Сув кодексини иккинчи ўқишга тайёрлаш учун 2024 йил 6 август куни Сув хўжалиги вазирлигида давра суҳбати ўтказилди. Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев олиб борган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси GEF агентлиги раҳбари Вадим Соколов, Марказий Осиё Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг Илмий-ахборот маркази директори Динара Зиганшина, Zoom платформаси орқали Қорақалпоғистон Респуюликаси Сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиқлари, шу кунларда ҳудудларда ўрганиш ва илмий кузатувлар олиб бораётган Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олимлари ва докторантлари қатнашди.
Давра суҳбатида Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев кодекс – ўз ҳаётини ушбу соҳага боғлаганлар учун ўта муҳим ва тарихий ҳужжат эканлигини таъкидлаб, уни такомиллаштириш, халқчил кўринишга келтириш учун таклифлар беришга чақирди. Шунингдек, келгусида кодекс ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ҳужжат лойиҳаси ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Кодекс сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулияти оширишга, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Ахборот хизмати