audio

    12+
    ХИЗМАТ КЎРСАТАЁТГАН СУВЧИЛАР ЎЗ ҲАҚЛАРИНИ ТАЛАБ ҚИЛИБ ОЛИШНИ ЎРГАНИШИ ШАРТЛИГИ ТУШУНТИРИЛДИ

    ​Ўзбекистон Республикаси Президентимиз жорий йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 9 февралдаги «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида истеъмолчилар далаларига етказиб бериладиган ҳар қатра сув ҳисоби аниқ юритилиши, бозор механизмлари талабларига асосан кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўланиши шартлиги бош вазифа сифатида белгиланган. Аммо ҳар икки қарор кучга кирганига ҳамда туманлар ирригация бўлимлари замирида «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари ташкил этилганига анча вақт ўтган бўлишига қарамай, ҳамон айрим туманларнинг ирригаторлари ишлаб чиқаришни ташкил этишда янги тартиб талабларининг моҳиятини тўлиғича тушуниб етишганича йўқ.

    Ҳар икки қарордан келиб чиқадиган вазифа-топшириқларни ирригаторларга тўлиқлигича тушунтириш ҳамда давлат муассасаларида фаолият кўрсатаётган ходимлар, айниқса янгидан ишга қабул қилган ёш мутахассисларга қарорлар мазмун-моҳияти ҳақида тўлиғинча ахборот бериш ниятида Аму-Сурхон ИТҲБ бош мутахассислари Музработ туманида бўлиб, «Занг» каналининг туман ҳудудидан ўтувчи қисмида туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМда фаолият кўрсатаётган 58 нафар ходим иштирокида семинар ўтказишди.

    Ўрганишлардан ойдинлашича, туман сувчилари ўтган беш ой орасида фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари, шунингдек, деҳқон хўжаликлари даласининг чегарасигача 123,5 миллион метр куб сув етказиб берган. Жами обиҳаётнинг фақат 97,9 миллион метр куби ҳисоби чиқарилиб, бу ҳақда истеъмолчи билан хизмат кўрсатувчи ўртасида далолатномалар расмийлаштирилиб солиқ идорасига тақдим қилинган. Бироқ ишга қабул қилинган мутахассисларнинг кўпчилиги ёш ва тажрибасиз бўлгани учун етказиб берилган сув миқдори ҳисобини юритишда ўта зарур журналларни тўлдириш ҳамда далолатномаларни расмийлаштиришда қатор чалкашликларга йўл қўйилаётгани айтилиб, қарорлар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб далолатномаларни тўлдириш ва солиқ идорасига тақдим қилиш тартиб-тамойиллари бўйича обдон тушунча берилди.

    Соҳа ривожида етук ва ишбилармон кадрларнинг ўрни алоҳида. Айни пайтда туман ДМда 58 нафар ходим ишламоқда. Уларнинг 19 нафари олий маълумотли, 35 нафари ўрта махсус маълумотли ва 4 нафари ўрта маълумотли. Ишга қабул қилинган олий маълумотли мутахассисларнинг ҳам 10 нафари ва ўрта махсус маълумотли ходимларнинг 24 нафари соҳага алоқадор бўлмаган олийгоҳ ҳамда техникумларни битирган. ДМ раҳбари Жасур Бўриев ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича бош мутахассисга ўрта маълумотли ва номутахассис ходимлар ўрнини соҳани яхши биладиган мутахассислар билан тўлдириш тавсия қилинди.

    Бундан ташқари, семинарда ДМнинг сув ресурсларидан фойдаланиш шўъбаси бошлиғи ва бош гидрометрлар, сув назоратчилари сув олди-берди журналларини тартибли юритишни йўлга қўйиши, июнь ойи якуни билан истеъмолчилар далаларига етказиб берилган обиҳаётнинг аниқ ҳисоб-китобини чиқариб, истеъмолчи билан биргаликда икки нусхада далолатнома расмийлаштириб, тасдиқлатиш ҳамда июль ойининг бешинчи санасигача солиқ идорасига тақдим этиш топшириғи берилди.

     

    Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати

    • view_icon 5