Савол беринг, жавоб берамиз
2025-09-06 17:10:00 / Янгиликлар

Янги қабул қилинган ходимга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қандай тўланади? Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик (ҳомиладорлик ва туғишдан ташқари) нафақаси миқдори нафақа тайинланган кундаги умумий иш стажига қараб белгиланади. Бунинг учун ходимнинг меҳнат дафтарчаси (ёки электрон меҳнат дафтарчаси) ёки унинг ўрнини босувчи бошқа расмий ҳужжатлар асос қилинади. Корхонада қанча вақт ишлаганлиги аҳамиятга эга эмас. 1. Умумий иш стажига қараб тўланадиган нафақа миқдори: 8 йилгача стажи бўлган ходимларга – ўртача ойлик иш ҳақининг 60% миқдорида; 8 йил ва ундан ортиқ стажи бўлган ходимларга – 80% миқдорида; 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга – 80% миқдорида. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарори, 1-илова, 22-банд. 2. Қуйидаги тоифадаги шахсларга нафақа ўртача ойлик иш ҳақининг 100% миқдорида тўланади: Байналминал жангчиларга; 16 ёшгача (ўқувчилар учун 18 ёшгача) бўлган уч ва ундан ортиқ боласи бор ота-оналарга; Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этишда иштирок этган шахсларга; Чернобил АЭС аварияси натижасида зарарланган ҳудуддан эвакуация қилинган, радиация таъсирида касалликка чалинган шахсларга; Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги туфайли вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз бўлганларга; Пандемия, техноген, табиий ва экологик фавқулодда вазиятлар юзасидан карантинга жойлаштирилган ва 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган ота-оналарга (шу жумладан васий ва ҳомийларга). Масалан, Муҳаммаджоннинг умумий меҳнат стажи – 4 йил. Яъни у 8 йилга тўлмаган. Бу ҳолатда, 314-сон ВМҚнинг 1-иловаси 22-бандига мувофиқ, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ўртача иш ҳақининг 60% миқдорида тўланади. Агар у ўртача 3 000 000 сўм маош олса, нафақа қуйидагича ҳисобланади: 3 000 000 сўм × 60% = 1 800 000 сўм У 10 кунлик таътилда бўлгани учун кунлик тўлов: 1 800 000 / 30 = 60 000 сўм Жами нафақа: 60 000 сўм × 10 кун = 600 000 сўм. Ўктамжон Эргашев - Сўх тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси
