Коррупция — давлатни таназзулга етакловчи йўл
2025-09-03 16:25:00 / Янгиликлар

Дунё мамлакатлари орасида энг кенг тарқалган жиноятлардан бири коррупция ҳисобланади. Шу боисдан ҳам “Коррупция — жамият тараққиётининг кушандасидир”, деб таъкидланади.
Сўх тумани ҳокимлиги мажлислар залида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда Фарғона вилояти ҳокимлиги гуруҳ раҳбари Юсуфжон Камолов, Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, туман прокурори Садирали Мирзокаримов ҳамда тумандаги ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилишда коррупциянинг салбий оқибатлари, унинг жамият ва давлат тараққиётига солаётган хавф-хатарлари, бу иллатга қарши муросасиз курашиш зарурлиги ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, давлат хизматчилари ўртасида ҳалоллик, тўғрилик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, инсон қадри ва қийматини заифлаштирувчи иллатлардан бири – коррупцияга қарши кураш энг зарур ва энг устувор вазифа экани алоҳида таъкидланди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги вакили томонидан “Давлат хизматчилари ўртасида коррупцияга қарши тоқатсиз ва муросасиз муносабатни кучайтириш” мавзусида маъруза-тақдимот ўқиб эшиттирилди. Унда, айниқса, соҳа ва тармоқларда рақамлаштиришни кенг жорий этиш, инсон омили аралашувини чеклаш, очиқликни таъминлаш ҳамда профилактик чораларни кучайтириш орқали коррупциянинг олдини олиш мумкинлигига эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида коррупция энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири экани қайд этилди. Бу балога қарши курашиш ва унинг томирини қўпориш ҳар бир давлат хизматчисининг бурчи экани таъкидланди. Шу билан бирга, коррупцияга йўл қўйган ҳар бир шахс қонун олдида жавобгарликка тортилиши, бундай ҳолатлар маҳаллада кенг муҳокама қилиниши ва жиноятлар жазосиз қолмаслиги алоҳида урғу билан айтиб ўтилди.
Йиғилишда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ўз нутқида коррупция хавфи сақланиб қолаётган йўналишларда очиқликни таъминлаш, ҳамкор ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш ва қонунийликни таъминлаш орқали бу иллатга барҳам бериш мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, иштирокчиларга давлат фуқаролик хизматчилари этикасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва услубий тавсиялар тақдим этилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









