СЎХ ТИББИЁТИДА ЯНГИ БОСҚИЧ: «СЎХ МОДЕЛИ» РЕСПУБЛИКА МИҚЁСИДА ЎЗИГА ХОС ТАЖРИБА БЎЛИШИ КУТИЛМОҚДА
2026-11-12 09:05:00 / Янгиликлар

Сўх туманида сунъий интеллект, телетиббиёт ва рақамли бошқарувга асосланган янги тиббий хизмат кўрсатиш моделини тажриба тариқасида жорий этиш режалаштирилмоқда. Мазкур ташаббус келгусида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари учун ҳам намуна бўлиши мумкин.
Бу ҳақда туман ҳокимлигида янги ташкил этилган Ситуацион марказда ўтказилган илк тақдимотда маълум қилинди. Тадбирда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, институт вакиллари ҳамда соҳа масъуллари иштирок этди.
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Сўх модели» доирасида жорий йилнинг июнь–сентябрь ойларида Суҳроб Асқаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан кенг кўламли амалий ишлар олиб борилди.
Хусусан, 7–12 август кунлари туманнинг 13 та ҳудудида 25 485 нафар фуқаро хатловдан, қўшимча 5 000 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Институт клиникасининг диагностика бўлими бошлиғи Суҳроб Ҳайдаралиев амалга оширилган ишлар, аниқланган муаммолар ва янги моделнинг имкониятлари юзасидан тақдимот ўтказди.
«Сўх модели»нинг асосий мақсади - касалликларни эрта аниқлаш, аҳоли саломатлигини рақамли мониторинг қилиш, малакали шифокорлар маслаҳатини масофадан ташкил этиш ва тиббий хизматлар самарадорлигини оширишдир.
Айниқса, Сўхнинг географик жойлашуви инобатга олинса, лойиҳанинг аҳамияти янада ортади. Таҳлилларга кўра, беморларнинг тор мутахассис қабули учун Фарғонага бориши билан боғлиқ йиллик харажатлар камида 2,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Янги модель орқали аҳолининг ортиқча сарф-харажатларини камайтириш, вақтини тежаш ва малакали тиббий хизматни сўхликларга яқинлаштириш кўзда тутилмоқда.
Тадбир якунида туман ҳокимига «Сўх модели» тақдимот альбоми, меҳмонларга эса Сўх заминининг ноёб неъмати Сўх заъфарони тақдим этилди.
Сўх тажрибаси - замонавий тиббий хизматларни ривожлантириш йўлидаги муҳим ташаббус!
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









