СЎХДА ТИББИЁТ ТУРИЗМИ РИВОЖЛАНМОҚДА: “SABRINA NEVROMED” КЛИНИКАСИДА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР
2026-11-07 20:50:00 / Янгиликлар

Сўх тумани Офтобру маҳалласида невропатолог Солижон Мусоев томонидан асос солинган “SABRINA NEVROMED” хусусий клиникаси фаолияти янада кенгайтирилди.
Клиникада замонавий физиотерапия аппаратлари, тиббий диагностика ускуналари ҳамда беморларни даволаш ва соғломлаштиришга мўлжалланган бассейн фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Бурҳон Қулдашев, ҳуқуқ-тартибот ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, туман раҳбарлари ҳамда Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди.
Мазкур клиника Сўх туманида тиббиёт туризми ривожига асос солаётган масканлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Зеро, 2025 йилнинг ўзида қўшни Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган қарийб 28 минг нафар бемор ушбу клиникада даволанган.
Тантанали тадбирдан сўнг меҳмонлар клиникада яратилган замонавий шароитлар, тиббий жиҳозлар ва даволаш имкониятлари билан бевосита танишдилар.
Тадбир давомида Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти депутати томонидан клиника асосчиси Солижон Мусоевнинг тиббиёт соҳасидаги хизматлари эътироф этилиб, унга “Тиббиёт фидойиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Мазкур ташаббус аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга, Сўх туманининг тиббиёт туризми салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









