СЎХДА ТИББИЁТ ТУРИЗМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА ЯНГИ ҲАМКОРЛИК
2026-11-04 21:10:00 / Янгиликлар

Бугун Фарғона шаҳрида Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев Эрон Ислом Республикасидан ташриф буюрган, ортопедия ва травматология соҳасидаги мутахассис доктор Муҳаммад Баҳраманд билан учрашув ўтказди.
Учрашувда туман ҳокими ўринбосари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқот давомида Сўх туманида тиббиёт туризмини ривожлантириш, замонавий тиббий хизматларни йўлга қўйиш, хорижий мутахассислар тажрибасини жалб этиш ва соҳага хусусий инвестицияларни йўналтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, туманда ортопедия ва травматология йўналишида ихтисослашган тиббий хизматларни ташкил этиш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш, маҳаллий тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Туман ҳокими Сўхнинг ўзига хос географик жойлашуви, табиий-иқлим шароити ва мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда тиббиёт туризмини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашув якунида ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорлик имкониятларини янада ўрганиш ва истиқболли ташаббусларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикрлар билдирилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати






