Бола ҳуқуқларини кафолатлари
2026-10-28 10:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақондли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган.
“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларида вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.
Болалар соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар масъул эканлигига ва улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканлигига, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи чиқариш орқали ундирилади.
Алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, вояга етмаган, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент тарафларнинг келишувига кўра ихтиёрий тартибда, шунингдек, суд тартибида ундирилади.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таъминот бериш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш давлат томонидан тўлиқ амалга оширилади.
Оила кодексининг 81-моддаси 2-қисмига кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) бундан кейин бола билан биргаликда яшаш-яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.
Оила кодексининг 100-моддасида ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши белгиланган бўлиб, бунда судлар қонун талабига кўра, вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатли ёки лаёқатсизлиги ҳамда моддий ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилади.
У.Назиров - Фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман суди раиси
