🏢 СЎХ ТУМАНИДА ЯНГИ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАРКАЗИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
2026-10-12 15:25:00 / Янгиликлар

Бугун Сўх тумани марказидаги Ровон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги савдо ва хизмат кўрсатиш маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Мазкур иншоот ака-ука тадбиркорлар Пайравжон ва Сардоржон Зиёдовлар ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда савдо дўкони ҳамда «Centrum Holidays» МЧЖнинг Сўх тумани филиали фаолияти йўлга қўйилди.
✈️ Эндиликда сўхликлар умра зиёратига бориш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва тегишли хизматлардан фойдаланиш имкониятига туманнинг ўзида эга бўладилар. Бу эса аҳоли учун қўшимча қулайлик яратади.
Марказнинг очилиш маросимида иштирок этган Сўх тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Тожибоев тадбиркорларни янги иншоотнинг ишга туширилиши билан табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади.
Янги хизмат кўрсатиш марказининг ишга туширилиши туманда тадбиркорликни ривожлантириш, хизматлар турини кенгайтириш ҳамда аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш йўлидаги навбатдаги амалий қадам бўлди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









