📌 ДЕПУТАТ ҚАЙРОҚ МАССИВИДАГИ ЯНГИ ИЖТИМОИЙ ЙЎЛАКЛАР БИЛАН ТАНИШДИ
2026-09-25 14:25:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Сўх туман Кенгашининг 20-Демурсад сайлов округи депутати Раҳмонжон Мавлонов Қайроқ массивида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, хусусан, қуриб битказилган ижтимоий йўлаклар билан танишди.
Қайроқ массиви туманнинг туризм салоҳияти юқори ҳудудларидан бири бўлиб, бу ерда яратилган янги йўлаклар аҳоли ва ҳудудга ташриф буюрувчилар учун хавфсиз ҳамда қулай ҳаракатланиш шароитини таъминлашга хизмат қилади.
Депутат ташриф давомида янги барпо этилган йўлакларнинг аҳоли учун қулайлиги, ҳудуд ободончилиги ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, мазкур ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш, аҳоли учун янада муносиб шароит яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
🤝 Ҳудудларни обод қилиш, туризм инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ишлар депутатлик эътиборида.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


