🏟 МАҲАЛЛАЛАРДА ЗАМОНАВИЙ СПОРТ МАЙДОНЧАЛАРИ БАРПО ЭТИШ УЧУН ЖОЙЛАР ЎРГАНИЛМОҚДА
2026-09-25 14:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ–116-сонли “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш доирасида маҳаллаларда болалар ва спорт майдончаларини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сўх туманида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Янгиариқ ва Офтобрў маҳаллаларида янги спорт майдончаларини барпо этиш учун мақбул ер майдонларини танлаш бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Ўрганиш жараёнларида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сўх тумани бўлими раҳбари Қосимжон Ҳайдаров, кадастр органи ходимлари ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирок этди.
Мутасаддилар томонидан спорт майдончаси учун таклиф этилаётган ҳудудларнинг жойлашуви, ер майдонининг ҳолати, аҳоли, айниқса, ёшлар учун қулайлиги ва хавфсизлиги, шунингдек, келгусида ундан самарали фойдаланиш имкониятлари атрофлича ўрганилмоқда.
Бундай спорт майдончаларининг ташкил этилиши маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


