ЭНДИ ШУБҲА ТАДБИРКОР ФОЙДАСИГА: ДАВЛАТ ВА БИЗНЕС МУНОСАБАТЛАРИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНДИ
2026-09-24 16:30:00 / Янгиликлар

Кичик цех ёки савдо шохобчаси эгаси учун эрталаб кутилмаганда кириб келган текширувчи бир кунлик эмас, балки ойлаб режалаштирилган иш суръатини остин-устун қилиб юбориши мумкин эди. Тадбиркорлар билан ўтказилган VI очиқ мулоқотда 14 мингга яқин мурожаат келиб тушгани ва уларнинг салмоқли қисми айнан назорат органларининг босимига оид бўлгани бежиз эмас. Ушбу муаммоларга фундаментал жавоб тариқасида 2026 йил 27 августда қабул қилинган ПФ-175-сонли Президент Фармони назорат тизимига шунчаки чекловлар қўйиб қолмай, давлат органи ва тадбиркор ўртасидаги мулоқот қоидаларини тубдан қайта ёзди.
1. Уч йиллик мораторий: кичик бизнесга тўлиқ дахлсизлик
Фармон билан кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга қатъий мораторий эълон қилинди. Истисно тариқасида фақат жиноят иши доирасида, инсон соғлиғи ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қоплаш ҳамда корхонани тугатиш билан боғлиқ текширувларгина сақлаб қолинди.
Асосий янгилик шундаки, ушбу мораторий мустаҳкам ҳуқуқий «тиш»га эга: мораторий даврида ўтказилган ҳар қандай текширув сўзсиз ноқонуний деб топилади ва унга йўл қўйган мансабдор шахслар қатъий жавобгарликка тортилади. Бундан ташқари, Бизнес-омбудсман томонидан «Самарали назорат» тадбири ўтказилиб, назорат органларининг охирги уч йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда қайта ўрганилади ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланади.
2. Текширувчи ўрнини мустақил аудитор эгаллайди
2027 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабргача ўрта ва йирик бизнес вакиллари учун янги ҳуқуқий эксперимент бошланади. Бунда корхона ўз ташаббуси билан мустақил аудиторлик ташкилотини жалб этиб, солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш бўйича аудитдан ўтади, аудиторлик хулосаси эса солиқ органи томонидан тўлиқ тан олинади. Аудитдан ўтган давр учун қайта солиқ аудити ўтказилмайди.
Агар аниқланган камчиликлар 30 кун ичида тузатилса, ҳеч қандай молиявий жарима қўлланилмайди. Хулоса нотўғри чиққан тақдирда эса барча жавобгарлик тадбиркорнинг зиммасига эмас, балки аудиторлик ташкилотининг ўзига тушади.
Бир йил ичида такрорий текширув ўтказиш фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади. Жарима масаласида эса «Биринчи хато учун — огоҳлантириш» қоидаси жорий этилди: илк бор қоида бузган, лекин инсон соғлиғи ва ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорга дарҳол жарима ёзилмайди — унга камчиликни тузатиш учун 10 кун муҳлат берилади.
3. Исботлаш юки давлат органига ўтди
Ҳужжатнинг энг салмоқли ва инқилобий нормаси — «тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси» жорий этилганидир. Бунда акси исботланмагунча тадбиркор қонунга мувофиқ ҳаракат қилган ҳисобланади. Ҳуқуқбузарлик содир этилганини ва қўлланилаётган чоранинг қонуний ҳамда мутаносиблигини исботлаш тўлиқ давлат органи зиммасига тушади.
Қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва далилларнинг етарли эмаслигидан келиб чиқадиган ҳар қандай шубҳа сўзсиз тадбиркор фойдасига талқин қилинади. Агар суд қарорни қайта кўриб чиқишни юклаб, ўз ҳуқуқий позициясини баён этса, ушбу позиция орган учун мажбурий бўлади ва қайта кўриб чиқиш натижаси тадбиркор аҳволини оғирлаштира олмайди.
4. «Иккинчи имкон» — қарздорлик ва пенялардан халос бўлиш
2026 йил 31 декабргача кичик ва ўрта бизнес учун «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси амал қилади. Асосий солиқ қарзи тўлиқ тўланса, унга ҳисобланган ситамли пенялар ҳисобдан чиқарилади ва ижро ишлари тугатилади.
Ҳисоботга мустақил тузатиш киритиб, қўшимча солиқни тўлаган тадбиркорга ҳам пеня ёзилмайди ва барқарорлик рейтингидаги баллари туширилмайди. 2026 йил 1 январга қадар шаклланган айрим маъмурий ва молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми ҳисобдан чиқарилади. Ягона шарт — 2027 йил 1 январь ҳолатига солиқ қарздорлиги қолмаслиги зарур.
Хулоса ўрнида: Тизим мантиғи қандай ўзгарди?
- Аввал: Тадбиркор ўз айбсизлиги ва ҳақлигини исботлашга мажбур эди — Энди: Ҳуқуқбузарликни давлат органининг ўзи исботлаб бериши шарт.
- Аввал: Биринчи хато ҳам жарима билан тугар эди — Энди: Огоҳлантириш ва 10 кунлик тузатиш имконияти берилади.
- Аввал: Текширув кутилмаганда кириб келар эди — Энди: Кичик бизнес учун у 3 йилга тўхтатилди.
Бизнес аҳли шуни унутмаслиги лозим: ушбу кафолат ва енгилликлар автомат равишда ишлаб қолмайди — улар ўз ҳуқуқини теран англаган ва зарур пайтда талаб қила олган тадбиркорнинггина мустаҳкам қалқонига айланади
Қодиралиев Муроджон Юсуфжонович, Маматов Султонхон Абдуғаниевич- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларинингҳуқуқлари ва
қонуний манфаатларининг химояқилиш бўйича Фарғона вилояти шуъбаси етакчи инспекторлари
