#Халқаро_ҳамкорлик
2026-09-16 14:10:00 / Янгиликлар

СЎХ - ОМСК: ҲАМКОРЛИК АМАЛИЙ ЛОЙИҲАЛАР САРИ
Яқинда Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев бошчилигидаги туман делегациясининг Россия Федерацияси Омск вилоятига амалий ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказилган эди.
Бугун мазкур музокараларнинг мантиқий давоми сифатида видеоконференцалоқа орқали навбатдаги мулоқот ташкил этилди. Унда Омск вилояти мутасаддилари, Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, туман ҳокими ўринбосарлари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш истагидаги маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.
Мулоқотнинг асосий мавзуси - сўхлик тадбиркорлар томонидан Омск вилоятида сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўлди.
Омск томони инвесторлар учун тайёрланган аниқ таклифларни тақдим этди. Жумладан, сабзавотчилик учун 168,3 гектар, чорвачилик учун қарийб 200 гектар ем-хашак ери ҳамда ферма ташкил этиш учун 20 гектарга яқин ер майдони таклиф этилмоқда. Шунингдек, ерларни ижарага олиш, бизнесни рўйхатдан ўтказиш, солиқ тизими ва аукцион жараёнлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Томонлар лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш, тадбиркорларнинг таклифларини шакллантириш ва кейинги ташкилий чора-тадбирларни белгилаб олиш юзасидан фикр алмашдилар.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати






