ЭЪТИРОФ МЕҲНАТ ОРТИДАН КЕЛАДИГАН ЭНГ ҚАДРЛИ “РАҲМАТ”
2026-08-29 13:10:00 / Янгиликлар

Баъзан бир мукофот инсоннинг бутун умрини бир лаҳзада кўз олдига келтиради.
Сўхлик мўътабар онахон Зумрадпоччо Фахриддинова учун ҳам “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик кўкрак нишонини қабул қилиб олган он ана шундай ҳаяжонли дақиқалардан бири бўлди.
- Мукофотни қўлимга олганимда, кўз ўнгимдан бутун умрим, меҳнат фаолиятим ўтди, - дейди онахон.
Дарҳақиқат, Зумрадпоччо она бутун ҳаётини ёш авлод таълим-тарбиясига, инсон камолотига хизмат қилишга бағишлаган фидойи устозлардан.
Бу йўл эса доим ҳам енгил кечмаган.
Унда машаққат ҳам бўлган, синов ҳам, баъзан имконият чекланган кунлар ҳам. Аммо онахоннинг айтишича, ҳар қандай оғирликни енгишнинг битта ишончли йўли бор эди - ҳалол меҳнат.
- Қанча довонлардан, қанча қийинчиликлардан ўтдик. Лекин барча мушкулотни меҳнат билан енгдик, - дейди у.
Зумрадпоччо онахоннинг яна бир фикри алоҳида эътиборга лойиқ:
- Биз мукофот учун ишламаганмиз. Меҳнатимиз учун маош олдик, рағбат олдик. Аммо бугунги эътирофнинг маъноси бошқача. Инсон учун қилган меҳнатига “раҳмат” эшитишнинг ўзи катта мукофот.
Аслида, бу оддий гап эмас.
Бу - бутун бир авлоднинг ҳаёт фалсафаси.
Чунки ҳақиқий меҳнат эътибор талаб қилиб қилинмайди. У мақтов кутиб ҳам бажарилмайди. Ҳалол меҳнатнинг энг катта мезони - унинг одамларга наф келтириши, ортидан яхши ном ва яхши хотира қолишидир.
Зумрадпоччо онахон бу ҳақда шундай дейди:
- Мен “меҳнатнинг таги - роҳат” деган ҳикматнинг маъносини ҳаётим давомида чуқур англадим. Инсон чин дилдан меҳнат қилса, барибир ҳурмат топади, эътирофга сазовор бўлади.
Унингча, одам бир кунлик мақтов ёки кўз-кўз қилиш учун эмас, балки ота-онаси, оиласи, устозлари шаънига яхши ном келтириш, элдан раҳмат олиш учун меҳнат қилиши керак.
Бу фикр бугунги кун учун ҳам жуда долзарб.
Чунки жамиятни баландпарвоз гаплар эмас, виждон билан қилинган меҳнат тараққий эттиради. Инсоннинг қадри ҳам қанча гапиргани билан эмас, қанча наф келтиргани билан ўлчанади.
Зумрадпоччо Фахриддиновага топширилган эсдалик кўкрак нишони ҳам шунчаки байрам рамзи эмас.
У - узоқ йиллик фидойиликка, ёш авлод тарбияси йўлидаги хизматга, сабр ва ҳалол меҳнатга билдирилган эҳтиромдир.
Бундай инсонларнинг ҳаёт йўли ёшлар учун тайёр дарслик.
Уларнинг ҳар бир гапида тажриба, ҳар бир босиб ўтган йўлида эса ибрат бор.
Зумрадпоччо Фахриддиновани муносиб эътироф билан самимий муборакбод этамиз. Онажонга мустаҳкам соғлиқ, хотиржам ва баракали умр, фарзандлар ва шогирдлар ардоғида яшаш насиб этсин.
Чунки ҳақиқий эътироф сўралмайди - у ҳалол меҳнат ортидан ўзи келади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати




