ҲУШЁР МАҲАЛЛАСИДА 34,5 МИЛЛИАРД СЎМЛИК 15 ТА ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
2026-08-29 12:00:00 / Янгиликлар

Сўх туманида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этишга қаратилган ишлар Ҳушёр маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кенг кўламда давом этмоқда.
2026–2028 йиллар давомида Ҳушёр маҳалласида жами 15 та лойиҳани амалга ошириш учун 34,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Лойиҳалар доирасида, аввало, аҳоли ҳаёти учун муҳим бўлган муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини яхшилашга асосий эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, сел йўлларини реконструкция қилиш учун 11,9 миллиард сўм, ичимлик ва суғориш суви тизимларини қуриш ва янгилаш учун 11,29 миллиард сўм, ички йўлларни асфальтлаш ва таъмирлаш учун 4,07 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, маҳаллада 120 ўринли янги мактабгача таълим ташкилотини қуриш учун 6 миллиард сўм, электр таъминоти объектларини яхшилаш учун 1,05 миллиард сўм, ички ариқларни бетонлаш ва ободонлаштириш ишларига эса 230 миллион сўм йўналтирилади.
Маблағлар йиллар кесимида ҳам босқичма-босқич ўзлаштирилади. Хусусан, 2026 йилда 9 миллиард 495,6 миллион сўм, 2027 йилда 20 миллиард 450 миллион сўм, 2028 йилда 4 миллиард 600 миллион сўмлик ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида сел ва тошқин хавфи камаяди, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланади, ички йўллар ҳолати сезиларли даражада яхшиланади, электр таъминоти барқарорлиги ошади ҳамда болалар учун янги мактабгача таълим муассасаси барпо этилади.
Мазкур лойиҳалар Ҳушёр маҳалласи қиёфасини янгилаш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш ва ҳудудни комплекс ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
