🇺🇿🇷🇺 СЎХ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ОМСК ВИЛОЯТИ ТУМАНЛАРИДА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЎРГАНДИ
2026-08-28 17:00:00 / Янгиликлар

Сўх тумани делегациясининг Россия Федерацияси Омск вилоятига амалий ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган навбатдаги ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Делегация аъзолари ҳамда Сўх туманидан ташриф буюрган тадбиркорлар Омск вилоятининг Горький ва Таврический туманларида бўлиб, ҳудудлардаги мавжуд қишлоқ хўжалиги салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
Хусусан, фойдаланилмаётган экин ва яйлов ер майдонлари, шунингдек, бўш турган чорвачилик комплекслари жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди.
Ўрганишлар давомида ер майдонларининг ҳолати, улардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда самарали фойдаланиш имкониятлари, чорвачиликни йўлга қўйиш, мавжуд инфратузилмадан фойдаланиш ҳамда келгусида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, Сўхлик тадбиркорларнинг мазкур ҳудудларда деҳқончилик ва чорвачилик йўналишларида фаолият юритиши, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятлар атрофлича ўрганилди.
Ташриф давомида маҳаллий мутасаддилар билан истиқболли лойиҳалар, ер майдонларидан фойдаланиш шартлари ҳамда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур амалий ўрганишлар Сўх тумани ва Омск вилояти ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлар учун янги бозор ва ишлаб чиқариш имкониятларини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати








