ИСТИҚЛОЛНИНГ 35 ЙИЛЛИК ШОДИЁНАСИ СЎХДА КЕНГ НИШОНЛАНДИ
2026-08-27 20:50:00 / Янгиликлар

Сўх туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги халқимизга хос шукрона, юксак ифтихор ва кўтаринки байрамона руҳда кенг нишонланди.
Байрамона безатилган туман марказий ўйингоҳи шу куни чин маънода катта тантана масканига айланди. Қўшни Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонларни туман ҳокими вазифасини бажарувчи Илҳомжон Тожибоев ва туман мутасаддилари самимий кутиб олдилар.
Тадбир доирасида спорт мажмуаси ҳовлисида ташкил этилган кўргазмалар ҳам байрам шукуҳига алоҳида файз бағишлади. Тадбиркор хотин-қизлар, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари томонидан тайёрланган ижодий ишлар, миллий ҳунармандчилик намуналари ва турли намойишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, меҳмонлар сўхлик нуронийлар билан самимий мулоқот қилдилар.
Тантананинг расмий қисмида Илҳомжон Тожибоев юртдошларимизни қутлуғ сана билан муборакбод этиб, мамлакатимизда, хусусан, Сўх туманида давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори асосида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида тўхталди.
Байрам “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя остида давом этди.
Саҳнада истиқлолни, Ватанни ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Вилоят марказидан ташриф буюрган ёш ижодкорлар, санъаткорлар ҳамда сўхлик ҳофизлар ижросидаги концерт дастури, миллий рақслар ва саҳнавий чиқишлар байрам иштирокчиларига унутилмас таассуротлар улашди.
Тадбир давомидаги ҳар бир куй, ҳар бир қўшиқ ва ҳар бир табассумда 35 йиллик мустақилликнинг шукронаси, Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч мужассам эди.
Байрам якунида осмонни ёритган мушакбозлик эса юбилей тантанасига янада улуғворлик бағишлаб, иштирокчилар хотирасида ёрқин лаҳзаларни муҳрлади.
Истиқлолнинг 35 йиллик шодиёнаси Сўхда юртга муҳаббат, тинчликка шукрона ва миллатлараро дўстлик руҳида кенг нишонланди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









