🏗 ЧАШМА МАҲАЛЛАСИДА 20,8 МЛРД СЎМЛИК ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
2026-08-27 15:30:00 / Янгиликлар

Сўх тумани Чашма маҳалла фуқаролар йиғинини комплекс ривожлантириш мақсадида 2026–2028 йилларда жами 12 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳаларнинг умумий қиймати 20 млрд 888,6 млн сўмни ташкил этади.
💧 Ичимлик суви таъминоти
Маҳаллада жами 24 км янги ичимлик суви тармоғи барпо этилади. Ушбу мақсадлар учун 7 млрд 630 млн сўм маблағ йўналтирилади.
🛣 Йўл инфратузилмаси
Жами 10,56 км ички йўлларни асфальтлаш ва таъмирлаш ишларига 5 млрд 448,6 млн сўм сарфланиши кўзда тутилган.
⚡️ Электр таъминоти
Мавжуд электр тармоқларини реконструкция қилиш ва янги тармоқлар барпо этиш доирасида жами 11,2 км электр тармоғи янгиланади. Бу ишлар учун 2 млрд 160 млн сўм маблағ ажратилади.
🏫 11-сонли мактаб реконструкция қилинади
Маҳалладаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактабида эски ошхона ўрнида 220 ўринли янги ўқув биноси, фаоллар зали ва ошхона қурилади. Лойиҳа қиймати - 5 млрд 300 млн сўм.
🏘 Шунингдек, маҳалланинг туманга кириш қисмида 350 млн сўмлик замонавий маҳалла дарвозаси барпо этилади.
Режалаштирилган мазкур лойиҳалар Чашма маҳалласи аҳолисининг ичимлик суви, йўл, электр энергияси ва таълим инфратузилмаси билан боғлиқ эҳтиёжларини яхшилаш, ҳудудни янада обод ва замонавий масканга айлантиришга хизмат қилади.
20,8 млрд сўмлик инвестиция - Чашма маҳалласи тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги йўлидаги муҳим қадамдир.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
