#Ислоҳотлар_амалда
2026-08-24 08:10:00 / Янгиликлар

СЎХ ТАЪЛИМИ: НАТИЖА ВА ЯНГИ ВАЗИФАЛАР
Сўх туманида таълим соҳасини ривожлантириш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва таълим сифатини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
2025–2026 йилларда тумандаги 5 та умумтаълим мактабида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, мазкур мақсадларга 41,6 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 776 та янги ўқувчи ўрни ва 3 та спорт зали яратилди. Мактабгача таълим тизимида эса 3,9 млрд сўм маблағ ҳисобидан 120 ўринли янги муассаса барпо этилди.
Жорий йилда яна 10 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадлар учун жами 52,2 млрд сўм маблағ ажратилган.
Таълим сифати бўйича ҳам ижобий натижалар қайд этилмоқда. 2025–2026 ўқув йилида 1255 нафар битирувчидан 71 нафари олтин, 1 нафари кумуш медаль билан мактабни тамомлади. 8 нафар битирувчи муддатидан олдин олий таълим муассасаси талабаси бўлди, 477 нафар ўқувчи эса турли фанлар ва тил билиш бўйича сертификатларга эга бўлди.
Фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 10 нафар ўқувчи муносиб натижаларга эришди. Шунингдек, туман мактаблари спорт мусобақаларида ҳам вилоят миқёсида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олмоқда.
Педагоглар малакасини ошириш ва уларни моддий рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун тумандаги 851 нафар, яъни 56,5 фоиз ўқитувчи малака тоифасига эга. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8,4 фоизга ўсган.
Мактабгача таълим қамрови 2026 йилда 70,1 фоизни ташкил этмоқда. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 77,4 фоизга етказиш режалаштирилган. Янги оилавий боғчалар ва қўшимча гуруҳларни ташкил этиш орқали қамровни янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, тумандаги 2 та умумтаълим мактабида инклюзив таълим йўлга қўйилиб, алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун зарур шароитлар яратилган.
Бугунги босқичда асосий мақсад - яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, таълим сифатини янада ошириш, педагоглар салоҳиятини юксалтириш ва ўқувчиларнинг билим ҳамда натижадорлик кўрсаткичларини яхшилашдан иборат.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
