📣 Сўх туманида ёшлар учун бепул «IT Club» ўз фаолиятини бошлайди
2026-08-06 18:45:00 / Янгиликлар

Сўх туманида ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи ёшлар учун яна бир муҳим имконият яратилмоқда. Замонавий касбларни эгаллаш, дастурлаш ва сунъий интеллект йўналишида билим ҳамда амалий кўникмаларни ошириш мақсадида туманда бепул «IT Club» ўз фаолиятини бошлайди.
Мазкур клуб доирасида иштирокчилар дастурлаш асослари, сунъий интеллект технологиялари, рақамли кўникмалар ҳамда IT соҳасидаги замонавий йўналишлар бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўладилар.
Мазкур лойиҳа Сўх тумани ҳокими маслаҳатчиси Бузургмехр Султоналиев ҳамда Малайзиядаги нуфузли Xiamen University Malaysia дастурлаш йўналишининг 3-босқич талабаси, ватандошимиз, сарикандалик Самандар Эркинжонов ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
Ташаббускорларнинг таъкидлашича, клубнинг асосий мақсади ёшларга IT соҳасида мустаҳкам билим бериш, уларни инновацион фикрлашга йўналтириш, ўз дастурий лойиҳаларини ишлаб чиқишга тайёрлаш ҳамда рақамли иқтисодиётда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур амалий кўникмаларни шакллантиришдан иборат.
«IT Club» машғулотларида иштирок этиш мутлақо бепул бўлиб, IT соҳасида ўз келажагини қуришни истаган барча ёшлар таклиф этилади.
📍 Қабул ва машғулотлар бошланиш санаси ҳамда рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақида қўшимча маълумотлар яқин кунларда эълон қилинади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
