📌 РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ТОМОНИДАН ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДАГИ ШАРОИТЛАР ЎРГАНИЛДИ
2026-07-18 19:45:00 / Янгиликлар

Туманимизда фаолият олиб бораётган Республика ишчи гуруҳи масъуллари иштирокида бугун ҳам ҳудудлардаги ўрганиш ишлари давом эттирилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, 8-сонли ва 15-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳида бўлдилар.
Ўрганиш жараёнида таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари мактаб маъмурияти ва педагоглар билан мулоқот қилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар, мавжуд эҳтиёжлар ҳамда ечимини кутаётган масалаларни ўргандилар. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаш зарурлиги қайд этилиб, таълим ва тарбия сифатини янада ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ вакиллари Ҳазрати Али маҳалла фуқаролар йиғини биносининг иккинчи қаватида ташкил этилган “Камелот” ўқув маркази филиалида бўлиб, марказда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
Ташриф давомида ўқув маркази ҳамда маҳалла негизида янги ташкил этилган кутубхонага 800 дона бадиий адабиётлар тўплами тақдим этилди. Мазкур китоблар ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг билим ва дунёқарашини бойитишга хизмат қилиши таъкидланди.
Болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилган тадбирда эса болажонлар томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар, шеърлар ва турли маданий чиқишлар намойиш этилди. Болалар ўз иқтидор ва истеъдодларини меҳмонларга кўтаринки руҳда намоён этдилар.
Ўрганишлар давомида аниқланган масалалар бўйича тегишли ташкилотлар иштирокида амалий чоралар кўриш, таълим муассасаларидаги шароитларни янада яхшилаш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш режалаштирилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









