Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг қарори билан судларда даъвони таъминлаш чораларини қўллаш масалалари белгиланди
2026-08-07 09:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2026 йил 3 июль кунида бўлим ўтган пленумида “Фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 19-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорнинг еттинчи бандига кўра, даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришга судда иш юритишнинг ҳар қандай босқичида, шу жумладан иш юритиш тўхтатилган даврда ҳам йўл қўйилади.
Қарорнинг тўққизинчи бандига кўра, иш қўзғатилгунга қадар даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришга йўл қўйилмайди, бундан ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳоллари мустасно.
Даъво аризаси (ариза, шикоят) судга топширилмаган ҳолда берилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш ҳақидаги ариза алоҳида ажрим чиқарилмасдан хат билан қайтарилиши лозим.
Даъво аризаси (ариза, шикоят) билан бирга берилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантириш ёки рад этиш масаласи даъво аризасини (аризани, шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш, апелляция, кассация, тафтиш инстанцияси судларида эса шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш вақтида ҳал қилинади.
Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги ариза (илтимоснома) даъво аризаси (ариза, шикоят), шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг берилганда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 107-моддасининг биринчи қисми талабига кўра, у келиб тушган куниёқ, иш вақти тугаганидан кейин электрон ҳужжат тарзида келиб тушган ҳолатларда кейинги иш кунидан кечиктирмасдан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 96-моддасининг учинчи қисми ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 95-моддасининг учинчи қисмига кўра эса ариза келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан, суд мажлисида тақдим этилганида эса, шу суд мажлисида кўриб чиқилади.
Ҳакамлик судида кўрилаётган иш юзасидан даъвони таъминлаш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судга келиб тушган аризалар ҳам шу тартибда ҳал қилинади.
Ариза суд мажлисидан ташқари вақтда келиб тушган ҳолларда суд мажлиси ўтказилмасдан ва тарафларни хабардор қилмасдан ҳал қилинади.
Шу билан бирга, қарорнинг ўн иккинчи бандига кўра шаъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги аризада даъвони таъминлаш чораларининг асослари ва зарурати кўрсатилган бўлиши лозим.
Фуқаролик ва маъмурий суд ишларини юритишда аризада асослар ёки зарурат аниқ кўрсатилмаган ҳолларда эса судья (суд) томонидан ушбу камчиликлар бартараф этилиши ва аризани мазмунан ҳал қилиш чоралари кўрилиши мумкинлигига эътибор қаратилсин.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 95-моддасига асосан аризада даъвони таъминлаш чорасининг тури ҳам кўрсатилиши лозим бўлиб, иқтисодий суд ишларини юритишда ушбу тартибга риоя қилинмаганлиги аризани қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.
Бундан ташқари, қарорнинг ўн тўртинчи бандига кўра, суд даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги аризани ҳал қилишда, аризада бундай чораларни кўриш учун асослар ва зарурат мавжудлигини, таъминланиши сўралаётган чораларнинг даъво (ариза, шикоят) предмети билан боғлиқлигини, унга мутаносиблигини аниқлайди.
Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чоралари даъво (ариза, шикоят) предметига алоқадор ва (ёки) суд ҳужжатининг ижроси билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда ариза рад этилади.
Қарорнинг ўн олтинчи бандига кўра, аризада кўрсатилган мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаш тарзидаги даъвони таъминлаш чораси суд томонидан нафақат мулкий, балки номулкий хусусиятга эга бўлган талабларни таъминлаш учун ҳам қўлланилиши мумкин.
Мол-мулк ёки пул маблағларини хатлаш тарзидаги даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораси жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсларнинг ихтиёрида бўлган мол-мулкка нисбатан қўлланилиши мумкин бўлиб, айни вақтда тез бузиладиган ашёларга нисбатан қўлланилмаслиги инобатга олиниши лозим.
Процессуал қонунчиликда жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларини хатлашда унинг ҳисобварағига банд солиш назарда тутилмаган. Шунинг учун судлар мазкур даъвони таъминлаш чорасини қўллашда жавобгарга тегишли бўлган ҳисобварағидаги пул маблағлари хатланиши лозимлигига эътибор қаратишлари лозим.
Бундай чорани кўришда даъвонинг баҳоси доирасида пул маблағлари билан бирга жавобгарнинг мол-мулки ҳам хатлаб қўйилиши мумкин.
Пленум қарорининг йигирма биринчи бандига кўра, низоли мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсга (сақловчига) топшириш кўринишидаги даъвони таъминлаш чорасини кўриш мол-мулкни учинчи шахсда сақлаш орқали унинг бузилиши, йўқолиши ёки ноқонуний фойдаланилишининг олди олинишини таъминлайди ва мулк йўқолиши ёки яширилиши, унинг бузилиши ёки зарарланиши хавфи мавжуд бўлганда самарали ҳисобланади.
Ушбу чора орқали мол-мулк тарафларнинг ихтиёридан олиниб, бетараф шахснинг ёки ихтисослашган ташкилотнинг сақловига берилади. Бу билан мол-мулкдан фойдаланмаган ҳолда, уни бут сақлаш таъминланади.
Учинчи шахс (сақловчи) мулкни бут сақлаши, уни бошқа шахсга бермаслиги ва даъвони таъминлаш чораси бекор қилингандан сўнг уни эгасига қайтариши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур пленум қарорининг қабул қилиниши суд ҳужжати ижросини қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйишини, шунингдек, жавобгар томонидан мол-мулкни яширилиши ёки бегоналаштирилишининг олдини олишга қаратилгандир.
Ш.М.Мирзаматов - Фарғона туманлараро иқтисодий суди судьяси
Д.Хомидов - Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси
