🇺🇿 ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ - СЎХ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
2026-07-15 19:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июлдаги ПҚ–258-сонли «Сўх туманини 2026–2028 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори туман ҳаётида янги тараққиёт босқичини бошлаб берди.
Мазкур қарорда Сўх туманини комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган алоҳида бандлар белгиланган.
Қарор лойиҳасини тайёрлашнинг дастлабки босқичида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар қиймати 280 миллиард сўмни ташкил этган эди. Давлатимиз раҳбарининг Сўх туманига бўлган алоҳида эътибори натижасида мазкур кўрсаткич қарийб 1 триллион 250 миллиард сўмга етказилди.
Қарорнинг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Сўх тумани ҳокимлиги мажлислар залида тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этган республика вакили, секторлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев давлатимиз раҳбарининг Сўх тумани ва унинг аҳолисига кўрсатаётган юксак эътиборини алоҳида таъкидлади.
Қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун барча сўхликлар бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши зарурлиги қайд этилди.
Шундан сўнг туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Зайлиддин Искандаров иштирокчиларга қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган мақсад ва вазифаларни бандма-банд тушунтириб берди.
Қарорнинг ҳар бир банди туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва Сўхнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бугун Сўх ўз тараққиётининг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда.
Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа - қарорда белгиланган ҳар бир лойиҳа ва ташаббусни амалий натижага айлантириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда туманимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.
Зеро, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилиш ҳар биримизнинг ҳам қарзимиз, ҳам фарздир.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









