📍 ҲАМКОРЛИКДАГИ ҚЎМОНДОНЛИК-ШТАБ ЎҚУВ МАШҚИ НАТИЖАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-07-15 19:25:00 / Янгиликлар

Бугун Сўх тумани ҳокимлиги мажлислар залида туманда ўтказилган ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқи натижаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари, тумандаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, қутқарув хизматлари, тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳаллалар еттилиги иштирок этди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан туман ҳокими мазкур ўқув машқи, энг аввало, фавқулодда вазиятларда аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, мавжуд куч ва воситаларнинг шайлигини синовдан ўтказиш ҳамда масъул ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, ўқув машқи давомида давлат бошқаруви органлари, қутқарув хизматлари ва тегишли ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатланиши, вазифаларни мувофиқлаштирилган ҳолда бажариши, куч ва воситалардан самарали фойдаланиш даражаси амалда синовдан ўтказилди.
Шундан сўнг Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари томонидан ўқув машқи натижалари юзасидан батафсил маълумот берилди. Жараёнда эришилган натижалар, аниқланган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда фаоллик ҳамда намуна кўрсатган бир гуруҳ масъул ходимларга Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Сўх тумани ҳокимлигининг ташаккурномалари топширилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









