📍 Сарибозорча маҳалласида сайёр қабул ўтказилди
2026-07-15 17:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сарибозорча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилотида Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев раҳбарлигида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда туман прокурори Садирали Мирзокаримов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қосимжон Раҳимбердиев, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Рашиджон Мамажонов, шунингдек, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир аввалида туман ҳокими сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июлдаги ПҚ–258-сонли қарори Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, қарорда белгиланган вазифаларни амалга оширишда аҳолининг фаол иштироки, ҳамжиҳатлик ва биргаликдаги меҳнат муҳим ўрин тутишини қайд этди. Шунингдек, маҳаллани ободонлаштириш ва инфратузилмани янада яхшилаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан ижтимоий ҳимоя, бандлик, коммунал хизматлар, ер муносабатлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлар бўйича мурожаатлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар юзасидан амалий чоралар кўрилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар эса назоратга олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









