📡 Сўх туманида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ишлари давом этмоқда
2026-07-13 17:30:00 / Янгиликлар

Сўх туманида аҳолини замонавий телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш, юқори тезликдаги интернет ҳамда мобил алоқа сифатини янада яхшилаш мақсадида навбатдаги техник модернизация ишлари амалга оширилди.
Соҳада олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев телекоммуникация соҳаси ходимлари билан учрашиб, амалга оширилаётган лойиҳалар, янги қурилаётган инфратузилма объектлари ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш юзасидан суҳбатлашди. Суҳбат давомида соҳани янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Амалга оширилган ишлар доирасида Ровон, Қизилқиёқ ва Тул маҳаллаларида жами 3 та замонавий OLT (Optical Line Terminal) базаси ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада туман бўйича яна 1 536 та хонадон юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига уланиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, Ровон маҳалласидаги Марказий АТС ҳудудида UZMOBILE миллий мобил алоқа операторининг янги таянч база станцияси ўрнатилмоқда. Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Ровон, Навобод, Шарқобод, Янгиариқ ва Офтобрў маҳаллаларида мобил алоқа қамрови ҳамда 4G интернет сифати сезиларли даражада яхшиланади.
Мазкур ишлар аҳолини сифатли телекоммуникация хизматлари билан таъминлаш, рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









