"Cessna-208 Caravan" ва L-410: Сўх учун нега айнан ушбу самолётлар танланмоқда?
2026-07-13 11:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июлдаги ПҚ–258-сонли қарорига мувофиқ, Сўх туманида "Cessna-208 Caravan" ҳамда L-410 русумли ҳаво кемалари орқали мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш белгиланган.
Мазкур ҳаво кемалари дунёда минтақавий авиақатновларни ташкил этишда ўзини ишончли ва самарали транспорт воситаси сифатида намоён этган.
Cessna-208 Caravan
"Cessna-208 Caravan" АҚШнинг Textron Aviation компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бир двигателли турбовинтли самолёт бўлиб, қисқа масофаларда йўловчи ва юк ташиш учун мўлжалланган.
Унинг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат:
9–14 нафар йўловчини ташиш имконияти;
қисқа учиш-қўниш йўлакларида самарали ҳаракатлана олиши;
тоғли ва чекка ҳудудларда ишлашга мослаштирилганлиги;
эксплуатация харажатларининг нисбатан пастлиги;
юқори даражадаги ишончлилик ва хавфсизлик.
Мазкур самолёт бугунги кунда АҚШ, Канада, Австралия, Индонезия, Африка давлатлари ҳамда бошқа кўплаб мамлакатларда маҳаллий авиақатновларда кенг фойдаланилмоқда.
L-410 Turbolet
L-410 Чехияда ишлаб чиқариладиган икки двигателли турбовинтли самолёт бўлиб, минтақавий авиақатновлар учун яратилган.
Унинг устунликлари:
19 нафаргача йўловчи ташиш имконияти;
қисқа ва тайёрланмаган аэродромларга ҳам қўна олиши;
тоғли ҳудудларда барқарор парвоз хусусияти;
икки двигателли конструкцияси туфайли хавфсизлик даражасининг юқорилиги;
йўловчи билан бир қаторда юк ташиш имконияти.
L-410 самолётлари Марказий Осиё, Европа, Россия ҳамда бошқа қатор давлатларда маҳаллий ҳаво қатновларида муваффақиятли қўлланиб келинмоқда.
Сўх учун мақбул танлов
Мутахассислар фикрича, ушбу икки турдаги ҳаво кемаси қисқа масофали, тоғли ва чекка ҳудудларда авиақатновларни ташкил этиш учун энг мақбул вариантлардан ҳисобланади. Улар нисбатан қисқа учиш-қўниш йўлакларида ҳам самарали фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, маҳаллий аҳолига тезкор ва қулай транспорт хизматларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Президент қарорида назарда тутилган мазкур ташаббус амалга оширилиши натижасида Сўх туманининг транспорт имкониятлари кенгайиб, аҳолининг ҳаракатланиш қулайлиги, туризм салоҳияти ҳамда иқтисодий фаоллиги янада ошиши кутилмоқда.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

