📚 Сўх туманида EduGames.uz стартап лойиҳаси қўллаб-қувватланмоқда
2026-06-15 17:25:00 / Янгиликлар

Сўх тумани ҳокимининг маслаҳатчиси Бузургмеҳр Султоналиев томонидан Фарғона давлат техника университети талабаси Қобилжон Болтабоев ҳамда унинг акаси Норинбой Болтабоев билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида ёшлар ташаббуси асосида яратилган EduGames.uz таълим платформасининг бугунги фаолияти, унинг келгусидаги ривожланиш истиқболлари, лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида таълим соҳасида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқариш ҳамда стартап экотизимини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, лойиҳани янада такомиллаштириш ва унинг имкониятларини кенгайтириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.
Музокаралар якунида томонлар EduGames.uz платформасини янада ривожлантириш, уни кенг аудиторияга етказиш ҳамда доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришдилар.
ℹ️ Маълумот учун: Фарғона давлат техника университетининг 4-босқич талабаси Қобилжон Болтабоев томонидан яратилган EduGames.uz платформаси қисқа вақт ичида кенг оммалашиб, бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг 226 та мамлакат ва ҳудудларида ҳам фойдаланувчиларга эга бўлиб улгурди.
Бу каби инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, замонавий технологиялар асосида янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
📍 Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати




