📌 Сўх туманида “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичи бўйича амалий семинар ўтказилди
2026-06-12 11:40:00 / Янгиликлар

Сўх туманида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш ҳамда “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Илҳомжон Тожибоев, туман прокурори Садирали Мирзокаримов, касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгашидан Р. Раҳимов, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда хотин-қизлар фаоллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 майдаги 239-сонли қарори асосида тасдиқланган янги тартиблар мазмун-моҳияти тушунтирилиб, “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичини сифатли шакллантириш, эҳтиёжманд хотин-қизларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, мутасаддиларга хотин-қизларни бандликка жалб қилиш, тадбиркорликка йўналтириш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Семинар якунида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги вазифалар юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









