📝 Қурилиш соҳасидаги муаммолар ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди
2026-06-03 18:55:00 / Янгиликлар

Туман ҳокимлигида туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев раҳбарлигида қурилиш комплекси мутасаддилари ва соҳа масъуллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Танқидий руҳда ташкил этилган йиғилишда қурилиш соҳасида мавжуд муаммолар ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама этилди.
Йиғилишда, айниқса, масъулларга бир неча бор огоҳлантиришлар берилгани ва тегишли топшириқлар юклатилганига қарамасдан, айрим масъулларнинг масъулиятсизлиги оқибатида туман ҳудудида ноқонуний қурилиш ҳолатлари ортиб бораётгани қаттиқ танқид қилинди. Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган айрим ер майдонлари ҳам ноқонуний қурилишлар ҳудудига айланиб бормоқда.
Туман ҳокими соҳа мутасаддиларининг ўз вазифаларига бефарқ муносабатда бўлаётгани, хизмат вазифалари доирасидаги мажбуриятларни тўлиқ бажармаётганини кескин танқид қилди. Хусусан, Ровон, Тул ва Шарқобод маҳаллаларида ноқонуний қурилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани алоҳида таъкидланиб, бу ҳолатлар учун масъул шахсларнинг жавобгарлиги масаласи кўтарилди.
Шунингдек, туманда амалга оширилаётган айрим лойиҳалар тегишли мутахассислар ва масъул ташкилотлар иштирокисиз, белгиланган тартиб ва талабларга риоя этилмаган ҳолда амалга оширилаётгани ҳам танқид қилинди.
Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ҳамда соҳада қонун устуворлигини таъминлаш бўйича тегишли идоралар раҳбарлари ва масъулларга қатъий кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати








