Чўмилиш мавсуми даврида хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда
2026-06-03 08:20:00 / Янгиликлар

Сўх тумани ҳокими - фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2026 йил 22 майдаги 7-сонли “Сўх туманида 2026 йилги чўмилиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида хавфсизликни таъминлаш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар аҳоли, айниқса ёшлар ва болаларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза қилиш, сув ҳавзаларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Буйруққа мувофиқ, Сўх тумани ҳокимлиги, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, Ички ишлар бўлими, ИИБ қўриқлаш бўлими, “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ Сўх тумани бўлими, маҳаллалар уюшмаси туман бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, оммавий ахборот воситалари ҳамда Ахборот хизмати масъулларига тегишли вазифа ва топшириқлар берилган.
Амалга оширилаётган ишлар доирасида Сўх тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан тумандаги чўмилиш мумкин бўлган сув ҳавзалари ҳамда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун барпо этилган суғориш мембраналари атрофида профилактик тадбирлар ўтказилди.
Тадбирлар давомида фуқароларга сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, назоратсиз жойларда чўмилмаслик, вояга етмаганларни катталар назоратисиз сув бўйига юбормаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, хавфли ҳудудларда огоҳлантирувчи белгиларнинг ҳолати кўздан кечирилди.
Азиз юртдошлар!
Ёзги мавсумда ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сув ҳавзаларида белгиланган қоидаларга амал қилишингизни сўраймиз. Эҳтиёткорлик - ҳаёт гаровидир.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









