РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-05-18 08:50:00 / Янгиликлар

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Риштон–Сўх йўналишидаги чегара-назорат ўтказиш ҳудудида, Қирғизистон Республикасининг “Қайпас” чегара ўтказиш пунктида содир бўлган ҳолат акс этган видеолавҳалар тарқалиб, турли талқин ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат тўлиқ назоратга олинган бўлиб, айни пайтда тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳар томонлама ўрганилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон Республикаси чегара хизмати ходимлари ҳамда Сўх туманида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўртасида тушунмовчилик келиб чиққан.
Тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқаро Ўзбекистон ҳудудига олиб келинди.
Шунингдек, икки томон масъуллари ва фуқаро иштирокида мулоқот ўтказилиб, вазият тинч йўл билан бартараф этилди. Томонлар юзага келган тушунмовчилик учун ўзаро узр сўрадилар.
Айрим ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат юзасидан тасдиқланмаган, бир ёқлама ва ҳиссиётга берилган хабарлар тарқатилаётгани кузатилмоқда. Шу муносабат билан барча фуқаролардан текширилмаган маълумотларга ишонмасликни, вазиятга холис ва вазмин ёндашишни сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари давлат томонидан ишончли ҳимоя қилинади. Бу каби ҳолатлар ваколатли идоралар томонидан доимий назоратда бўлади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
