Маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ўрганиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда
2026-05-13 16:45:00 / Янгиликлар

Ҳудудларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларнинг ечимига доир аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида Сўх туманида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун ушбу йўналишдаги навбатдаги сайёр қабул Сўх тумани ҳокими ўринбосари Илҳомжон Абдумажидов иштирокида Девайрон маҳалласида ташкил этилди.
17-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган сайёр қабулда туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қосимжон Раҳимбердиев, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Рашиджон Мамажонов, туман прокурори Садирали Мирзокаримов, шунингдек, туман корхона ва ташкилотлари, давлат муассасалари ҳамда тегишли идоралар мутасаддилари иштирок этдилар.
Тадбир давомида маҳалла аҳолисининг мурожаатлари тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Фуқаролар томонидан асосан ичимлик ва суғориш суви таъминоти, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва туризмни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Мурожаатларнинг айримлари жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар ижроси мутасадди ташкилотлар назоратига олинди.
Сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, ҳудудларда мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати









