СЎХДА ЭНЕРГИЯ МУСТАҚИЛЛИГИ САРИ МУҲИМ ҚАДАМ
2026-04-30 08:10:00 / Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Унда ҳудудларда энергия таъминотини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Фарғона вилоятининг чекка ҳудуди бўлган Сўх туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик лойиҳалардан бири — Сўх гидроэлектр станциясидир.
Қуввати 15 мегаватт бўлган ушбу станция йилига 50 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Энг муҳими, мазкур лойиҳа Сўх туманидаги электр энергияси эҳтиёжининг 71 фоизини барқарор таъминлаш имконини беради.
Бу нафақат аҳоли учун узлуксиз электр таъминоти, балки тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодиётини янада жонлантиришга хизмат қилади.
Мазкур ташаббус мамлакатимизда гидроэнергетика салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, ҳар бир дарё ва сой имкониятларини ишга солиш орқали энергия мустақиллигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Давлатимиз раҳбари барча лойиҳаларни, жумладан Сўх туманидаги ГЭС қурилишини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати



