Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси
2026-04-29 08:50:00 / Янгиликлар

Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда, давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф равишда пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
Юридик терминларга кўра, “коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир.
Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.
Коррупциянинг олдини олишда давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади. Зотан, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу эса, жамоатчилик назоратининг жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топиши, шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи асосий омил эканидан далолат беради.
Бугунги кунда республикамизда коррупциянинг олдини олиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, фош этилган коррупциявий ҳолатлар бўйича айбдорларга қонуний жазолар тайинланмоқда.
Жиноятни жазолашдан кўра, уни олдини олиш сингари профилактик тадбирларнинг йўлга қўйилиши қай даражада оқилоналиги аллақачон исботланган. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-моддасида жиноятларнинг олдини олиш жиноят қонунининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақатгина жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар. Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатигина самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.
Т.Вахобов - Жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг раиси
