Сўхда 15 МВт қувватга тенг “миллий ГЭС” лойиҳаси амалга оширилади
2026-04-25 17:30:00 / Янгиликлар

Сўх тумани ўзининг бетакрор ва хушманзара табиати, бой миллий урф-одат ва анъаналари, юксак қадриятлари ҳамда маҳаллий аҳолига хос меҳмондўстлиги билан ажралиб турадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Туман Фарғона вилоятининг жанубида, Сўх дарёси водийсида жойлашган бўлиб, тўлалигича қўшни Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти билан ўралган эксклав ҳудуддир. Бугунги кунда Сўх туманидаги 25 та маҳаллада 88,6 минг аҳоли истиқомат қилади.
Хабарингиз бор, 2026 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди. Унда Сўхнинг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, дарёлари ва салқин иқлими ҳудудни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш имконини бериши алоҳида таъкидланди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ҳудудларнинг гидроэнергетика салоҳиятини ўрганишга қаратилган изчил ишлар давом эттирилмоқда.
Бу борада, жамият Бошқаруви раиси Ислом Абдурахмонов бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи Сўх туманида бўлиб, ҳудуднинг гидроэнергетик салоҳиятини комплекс равишда ўрганди. Амалий ташриф давомида ҳудуднинг табиий-рельеф шароити, сув оқимлари, гидрологик хусусиятлари ва мавжуд инфратузилма имкониятлари атрофлича ўрганилди. Ўрнатилган тартибда топографик ишлар амалга оширилди. Мутахассислар томонидан ҳудудда гидроэлектр станция қуриш имкониятлари ва келгуси истиқболли лойиҳалар учун зарур шарт-шароитлар комплекс таҳлил қилинди.
Туман ҳокимлиги раҳбарияти, масъуллар ҳамда маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари иштирокида лойиҳа доирасида амалий ишларни бошлашга – хайрли иш ривожига дуои фотиҳа қилинди.
Асосий мақсад - ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини кўпайтириш орқали аҳоли манфаатларига хизмат қилишдир.
Жамият тизимидаги “Гидропроект” АЖ мутахассислари томонидан Сўх туманида “миллий лойиҳа” доирасида 15 МВт қувватга эга Сўх гидроэлектр станциясини қуриш инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа тўлиқ жамият маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Мазкур “миллий ГЭС” лойиҳаси доирасида тизимдаги “UzHydroPower” заводида маҳаллийлаштириш асосида ишлаб чиқарилаётган гидроагрегатлар, асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар етказиб берилади. Лойиҳани 2026–2028 йиллар давомида қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Ушбу истиқболли лойиҳа қурилиши жараёнида камида 800 нафар ишчи жалб қилинади. Бу эса 800 та оиланинг даромад манбаи яратилишига хизмат қилади. ГЭС фойдаланишга топширилгач, яна 17 та доимий иш ўрни яратилади.
Сўх ГЭС ишга туширилгач, йилига ўртача 48 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса туманнинг йиллик 70 млн кВт·соат электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб 70 фоизини қоплаш имконини беради. Натижада 20 мингдан ортиқ хонадон, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмаси барқарор электр энергияси билан таъминланади.
Шунингдек, лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига қарийб 14 млн м³ табиий газ иқтисод қилинади. Ҳудуднинг ялпи ички маҳсулотини ошириш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга сезиларли туртки беради. Бундан ташқари, сув тўсиш иншооти ҳамда янги канал қурилиши натижасида 1300 гектар суғориш майдонлари кафолатли сув билан таъминланади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати






