Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимояси ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда
2026-04-20 14:35:00 / Янгиликлар


Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ушбу чора-тадбирларни янада кучайтириш ва қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чораларни белгилаш мақсадида жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш ҳамда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар латентлигининг олдини олиш, қилмиш учун жаво муқаррарлигини таъминлаш ва бундай ҳолатга тушиб қолган вояга етмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро тизимни яратиш мақсадида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилди.
Шунингдек, мазкур субъектларнинг эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда бошқа қонунбузилишлар тўғрисида хабар бермаслиги уларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос сифатида белгиланди. Шу билан бирга, молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали улар сонини кескин қисқартириш, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни «маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифатини ошириш тартиби белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига «my.ihma.uz» мобил иловасини уларнинг розилиги билан ўрнатиш тартиби жорий этилади. Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида халқаро ва миллий экспертлар иштирокида терговчи ва судьялар учун махсус ўқув дастурлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконини берувчи «Ўсмир-сигнал» модули ишлаб чиқилади. 2027 йил 1 январдан бошлаб эса аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, асосан, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши таъминланади.
У.Х. Эргашев
Фарғона туманлараро иқтисодий суди раиси ўринбосари, судья
