📌 Сўх туманида иссиқхона хўжалиги йўналиши диверсификация қилинмоқда
2026-02-28 14:40:00 / Янгиликлар
Туманда иссиқхоналар фаолиятини ривожлантириш мақсадида Навобод маҳалласида иссиқхоналар мажмуаси барпо этилган бўлиб, дастлаб тадбиркорлар томонидан лимон етиштириш йўлга қўйилган эди.
Бироқ лимончилик Сўх тумани иқлимига тўлиқ мос келмагани сабабли, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ташрифидан сўнг эронлик мутахассислар иштирокида иссиқхоналарда голубика, ежевика ва малина етиштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Лойиҳани амалга ошириш “Uzagrostar xolding” компанияси зиммасига юклатилди.
Мазкур мажмуада Сӯх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев ҳамда “Сўх Мунавваржон” МЧЖ раҳбари, ёш тадбиркор Умиджон Сангинов ташаббуси билан голубика, малина ва ежевика етиштириш йўлга қўйилди. Зироатлар Белоруссия ва Польша давлатларидан олиб келиниб, мутахассислар ҳамкорлигида экилди.
Бугун туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев мутасадди идоралар раҳбарлари билан биргаликда мазкур иссиқхонада бўлиб, зироатлар парваришини кўздан кечирди. Қайд этилганидек, тажриба майдонида экилган экинлар барқарор ривожланмоқда ва мутахассислар томонидан доимий назоратга олинган.
Мазкур йўналиш юқори самара берган тақдирда, тажриба бутун туман ҳудудида кенг жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати






