Сўх туманида оммавий сайёр қабул ўтказилди
2026-02-28 13:30:00 / Янгиликлар
Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ғанижон Алавиддинов иштирокида Сўх тумани маданият марказида оммавий сайёр қабул ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев, туман прокурори Садирали Мирзокаримов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қосимжон Раҳимбердиев ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар, айниқса ёшлардан мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми вазирлик тизимида ишга жойлашиш масалаларига оид бўлиб, мурожаатчиларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш, касбий малакасини тўғри йўналтириш ҳамда ишга қабул қилиш жараёнлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг фавқулодда вазиятлар хавфсизлиги, ёнғин профилактикаси, қурилиш объектларининг норматив талабларга мувофиқлиги, иситиш тизимларининг хавфсиз ҳолати, маиший газдан фойдаланиш ҳамда ёнғинга қарши автоматика воситаларининг созлигига оид мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳар бир мурожаат юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди, жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар зудлик билан бартараф этилди, қолганлари назоратга олинди.
Қайд этилганидек, бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш ва муаммоларни жойида ҳал этишга хизмат қилади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати










