Қайроқ массивида замонавий дам олиш маскани ташкил этилади
2026-01-15 14:30:00 / Янгиликлар
Сўх туманининг Қайроқ массивида умумий 425 гектар ер майдонида замонавий дам олиш ва туристик инфратузилмани шакллантиришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида интенсив боғлар, дамашқ атиргул плантациялари, меҳмонхоналар ҳамда ёғоч уйлар барпо этилиши режалаштирилган.
Лойиҳа Демурсад маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган бўлиб, уни амалга ошириш учун бюджетдан 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, 242,2 миллиард сўм миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, натижада қўшимча 1,2 миллиард сўм солиқ тушуми таъминланиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида инфратузилмани яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилади.
Жумладан, 1 дона трансформатор, 100 дона бетон таянч устун, 2,0 километр СИП кабели, 100 дона кўча чироғи ўрнатилади, 4,0 километр автомобиль йўли асфальтланади ва 3,0 километр пиёдалар йўлаги қурилади.
Лойиҳа натижасида 22 та тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, соҳада 90 та янги иш ўрни яратилади. Қурилиш ишларини 2026 йилда тўлиқ якунлаш режалаштирилган.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

