Суд тизимида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар
2025-12-29 09:45:00 / Янгиликлар

Фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман суди томонидан 2025 йил давомида одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Жумладан, суд томонидан 2025 йил давомида вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги жами 102 та ариза кўриб чиқилиб, вояга етмаган болалар манфаати учун алимент ундириш ҳақида суд буйруқлари чиқарилди.
2025 йилнинг ўтган даври мобайнида бола уч ёшга тўлгунга қадар таъминот ундириш ҳақидаги жами 21 та даъво талаби қаноатлантирилди.
Иш ҳаққи ундиришга оид 5 та даъво аризаси қаноатлантирилиб, ўз вақтида берилмаган иш ҳақлари ундириб берилди.
Жумладан, даъвогар А.Ш.нинг манфаатида жавобгар Сўх тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига нисбатан иш ҳақи ва компенсация ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича даъвогар А.Ш. фойдасига 20 468 408 сўм иш ҳақи устамаси ҳамда 89 334 483 сўм компенсация ундириб берилди.
Суд томонидан 2025 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 24 та, бевосита судга келиб тушган 3 та мурожаат мазмунан ҳал қилиниб, мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
2025 йил давомида Сўх туман суди томонидан Фарғона вилояти телерадиокомпанияси, туман ҳокимликларининг газета ва расмий веб-сайтларида тегишли мавзулар ёритилди. Шу билан бирга, судьялар бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Суд раиси томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 16 маротаба чиқишлар амалга оширилди, шундан 2 маротаба газетада, 10 маротаба веб-сайтларда, 3 маротаба телевидениеда ва 1 маротаба радиода чиқиш қилинди.
Оғзаки давра суҳбатлари шаклида 20 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Ишларни кўриш жараёнида давлат органи ёки бошқа орган, ташкилот, мансабдор шахс ёки фуқаро фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 275-моддаси тартибида суд томонидан 55 та хусусий ажрим чиқарилиб, улар ижро этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Ш.Р.Абдуллаев - Фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман суди раиси
