Сўх туманида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида профилактик рейдлар ўтказилмоқда
2025-12-06 10:10:00 / Янгиликлар

1-декабрдан 30-декабрга қадар республикамиз миқёсида ўтказилаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида Сўх тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳамда туман ҳудудидаги ҳамкорликдаги хизматлар иштирокида кенг қамровли профилактик рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади — ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этишга кўмаклашишдан иборат. Рейдлар давомида маҳаллий аҳоли вакилларига ёнғинларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди ҳамда ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш бўйича тушунтиришлар ўтказилди.
Шунингдек, мўрикорларга ўрнатилган қўшимча мосламалар олиб ташланди, электр симлари, иситиш жиҳозлари ва суюлтирилган газ баллонларини сақлаш тартиби каби жиҳатларга эътибор қаратилди. Бу тадбирлар аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини ошириш ва эҳтимолий фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сўх тумани фавқулодда вазиятлар бўлими қайдича, шу каби рейдлар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” давомида туман ҳудудининг бошқа нуқталарида ҳам мунтазам давом эттирилади.
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати








