“ХАВФСИЗ ВА СОҒЛОМ ЮРТ” — БАНДЛИК ОРҚАЛИ ҚАЙТА ИЖТИМОИЙЛАШУВ САРИ!
2026-11-11 16:00:00 / Янгиликлар

Пробатсия назоратидаги шахслар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Жорий йилнинг 11-ноябрь куни мамлакатимиз бўйлаб 2026-йил 1-ноябрдан 1-декабрга қадар ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбири доирасида Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ Пробатсия бўлинмаси томонидан назорат остидаги шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида навбатдаги амалий тадбир ташкил этилди.
Хусусан, Сирдарё тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробатсия бўлинмаси ҳисобида турувчи 15 нафар назорат остидаги шахс иштирокида ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилди.
Ярмарка давомида иштирокчиларга мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат фаолиятини бошлаш имкониятлари, ишга жойлашиш тартиби ҳамда меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, иш берувчи ташкилотлар вакиллари томонидан фуқароларнинг касбий кўникмалари ва имкониятларига мос келадиган иш ўринлари таклиф этилди.
Ўтказилган меҳнат ярмаркаси натижасида 2 нафар назорат остидаги шахснинг бандлиги таъминланиб, улар ишга жойлаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, пробатсия назоратидаги шахсларни иш билан таъминлаш уларнинг жамиятга мослашувида, моддий аҳволини яхшилашда, оиласи олдидаги масъулиятини ҳис этишида ҳамда келгусида қайта жиноят содир этишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ Пробатсия бўлинмаси ходимлари томонидан бу каби тадбирлар изчил давом эттирилиб, назорат остидаги шахсларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасида ҳамкор ташкилотлар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Зеро, бандлик — барқарор ҳаёт, тўғри йўл ва янги имкониятлар сари муҳим қадамдир!
Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ Пробатсия бўлинмаси


