“ХАВФСИЗ ВА СОҒЛОМ ЮРТ” — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА ИНСОН ҚАДРИ ЙЎЛИДА
2026-11-11 09:00:00 / Янгиликлар

Сайёр суд ташкил этилиб, уч нафар назорат остидаги шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Жорий йилнинг 1-ноябрь кунидан 1-декабрь кунига қадар мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли махсус профилактик тадбири доирасида Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ Пробатсия бўлинмаси ходимлари томонидан пробатсия назоратида турган шахслар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминлаш ҳамда қайта жиноят содир этишининг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тадбир доирасида Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ Пробатсия бўлинмаси ҳисобида турувчи назорат остидаги шахслар иштирокида “Сайёр суд” мажлиси ташкил этилди.
Мазкур сайёр суд жараёнида назорат остидаги шахсларнинг хулқ-атвори, белгиланган мажбуриятларга риоя этиши, тузалиш йўлига ўтганлиги, содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги ҳамда келгусида қонун талабларига қатъий амал қилишга бўлган муносабати атрофлича ўрганиб чиқилди.
Суд мажлиси якунларига кўра, ўз хатти-ҳаракатларидан тегишли хулоса чиқарган, тузалиш йўлига ўтган ва ижобий хулқ-атвори билан ўзини намоён этган уч нафар назорат остидаги шахс Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг тегишли ажримларига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай тадбирларнинг асосий мақсади нафақат қонунбузарликларнинг олдини олиш, балки хато йўлга кирган фуқароларнинг тузалиши, жамиятда ўз ўрнини топиши, оиласи ва яқинлари бағрига қайтиши ҳамда келгусида қонунга итоаткор фуқаро сифатида ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароит яратишдан иборат.
Айни пайтда Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ Пробатсия бўлинмаси ходимлари томонидан пробатсия назоратида турган шахслар билан манзилли профилактик суҳбатлар, тушунтириш ишлари ҳамда ижтимоий мослаштиришга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Асосий мақсад — қайта жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир инсоннинг қонуний ҳаёт кечириши учун кўмаклашишдир.
Хавфсиз юрт — тинч ва фаровон ҳаёт гарови!
Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ Пробатсия бўлинмаси

