Сирдарё туманида дуал таълимни ривожлантириш ва битирувчилар бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-13 11:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё тумани ҳокимлигида касбий таълим муассасаларида дуал таълим тизимини кенгайтириш, ишлаб чиқариш амалиётларини самарали ташкил этиш ҳамда техникум битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳокамада туман ҳокими, туман ҳокимининг тегишли ўринбосари, ҳудуддаги техникум директорлар, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул мутасаддилар иштирок этди. Йиғилиш давомида техникум директорларининг тақдимотлари тингланиб, дуал таълим тизимини амалиёт билан янада интегратсиялаш, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш ҳамда битирувчиларни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар муҳокама қилиниб, дуал таълим тизимини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқариш амалиётлари самарадорлигини ошириш ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.





