Тажриба, мулоқот ва амалий билимлар — Медиа ҳафталигининг учинчи куни марказида
2026-06-18 13:00:00 / Янгиликлар

Сирдарёда давом этаётган Медиа ҳафталикнинг учинчи куни ахборот хизмати ходимлари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари учун ташкил этилган мазмунли тренинг машғулотлари билан ёдда қолди.
Кун давомида медиа ва коммуникация соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар ўз фаолиятида синовдан ўтган ёндашувлар, амалий тажрибалар ва замонавий медиа маконидаги долзарб масалалар юзасидан маърузалар билан иштирок этдилар.
Хусусан, Анҳор.уз муҳаррири Бобур Каримов сифатли контент яратиш, аудитория билан самарали мулоқот ўрнатиш ва замонавий журналистиканинг бугунги талаблари ҳақида фикр юритди. Автомобиль йўллари қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева давлат органлари фаолиятини ёритишда очиқлик, тезкорлик ва профессионал коммуникациянинг аҳамияти бўйича тажрибаси билан ўртоқлашди. Давлат экологик экспертиза маркази Ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамова эса ижтимоий аҳамиятга эга мавзуларни жамоатчиликка самарали етказиш, ахборот кампанияларини ташкил этиш ва медиа билан ишлашнинг амалий жиҳатларига тўхталди.
Тренинглар давомида иштирокчилар нафақат янги билимларга эга бўлди, балки соҳа мутахассислари билан очиқ мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ва амалий тавсиялар билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлди.
Медиа ҳафталиги Сирдарёда тажриба алмашиш, янги ғояларни муҳокама қилиш ва медиа соҳасидаги касбий маҳоратни ошириш майдони сифатида давом этмоқда.






