Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимояси янада кучайтирилади
2026-05-25 17:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни олдини олиш ва ундан ҳимоя қилиш жамиятдаги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги №ПФ-33-сонли Фарсмони қабул қилинди.
Мазкур Фармонда қуйидаги асосий мақсадлар белгиланган:
Жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш; аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш; жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш ҳамда жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.
Ушбу Фармонда аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш алоҳида эътибор берилган.
Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи («SOS» чақирув) «my.ihma.uz» мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилиши;
- 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш;
- Вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юбориш.
- Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш;
- 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши;
- Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш;
- Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарликни белгилаш;
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш каби таклифлар илгари сурилган.
Мазкур Фармони билан инсон ҳуқуқлари кафолатланади, оила институти мустаҳкамланади, жамиятда адолат ва хавфсизлик таъминланади, аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ошади ҳамда болаларнинг соғлом ривожланишига шароит яратилади.
Хулоса қилиб айтганида, Президентимизнинг ПФ-33-сонли Фармони аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасида муҳим қадам бўлиб, у нафақат ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, балки инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат орқали жамиятда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳар бир шахснинг ҳуқуқларини таъминлашга эришилади.
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё
туман судининг тергов судьяси
С.Рустамов
Девонхона мудири М.Раимбердиев
